АҚШ Афғонистон ҳукуматини ҳамда Толибонни маҳбусларни озод этишга чақирди

АҚШнинг Афғонистондаги махсус вакили Залмай Халилзод.

АҚШнинг Афғонистондаги махсус вакили Залмай Халилзод Twitterда коронавирус туфайли маҳбусларни зудлик билан озод этиш ўта муҳим эканлиги ҳақида ёзди.

29 февраль куни Доҳада АҚШ ва Толибон ўртасида Афғонистонда 19 йилдан бери тинчимаётган урушни тугатиш мақсадида тинчлик келишуви имзоланган эди.

Келишувда Толибон Афғонистон ҳукумати билан музокара қилиш ва қатор хавфсизлик кафолатларини зиммасига олди, бунинг эвазига АҚШ ўз қўшинларини 14 ой ичида мамлакатдан олиб чиқишга рози бўлди.

Шунингдек, келишувга биноан Афғонистон ҳукумати Толибоннинг 5000 га яқин аъзосини, жангари гуруҳ эса 1000 нафар ҳукумат ходимини озод этиш мажбуриятини ўз бўйнига олди.

Толибон келишув шартларига рози эканлигини, аммо ўз жангчилари озод этилмагунича, Кобул билан музокара олиб бормаслигини айтмоқда.

Толибон Афғонистон ҳукумати билан тўғридан-тўғри музокара олиб боришдан бош тортиб келади. Доҳадаги музокараларда иштирок этмаган Афғонистон ҳукумати ўтган ҳафтада яқин орада 1500 нафар Толибон жангчисини, қолганларини музокаралар ўз якунига етганидан кейин озодликка чиқаришга рози бўлди.

Бу орада Афғонистон Миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Жавед Файсал ҳукумат озод этиладиган маҳбуслар рўйхатини қайта кўриб чиқаётганини ва бунинг учун қўшимча вақт кераклигини айтди.

Халилзод ҳар икки тараф ваъдаларига қарамасдан, бугунга қадар бирор маҳбус озод этилмагани юзасидан хавотир изҳор қилди.