АҚШ разведкаси бошлиқлари миллий хавфсизликка таҳдидлар тўғрисида кўрсатма беради

Вашингтон. Капитолий биноси.

Вашингтон. Капитолий биноси.

14 апрель куни АҚШ разведкаси бошлиқлари Сенатнинг Разведка қўмитаси олдида мамлакат миллий хавфсизлигига таҳдидлар тўғрисида кўрсатма беради. Кун тартибида Россия, Эрон, Хитой ва Шимолий Корея туғдираётган хавфлар бўлиши кутилмоқда.

Разведка қўмитасининг глобал таҳдидлар бўйича эшитишларида Марказий разведка бошқармаси, Федерал қидирув бюроси, Миллий разведка идораси, Миллий хавфсизлик агентлиги ва мудофаа разведкаси агентликлари раҳбарлари қатнашади.

15 апрель куни Намоёндалар палатасида ҳам айни мавзуда эшитиш ўтказилади.

Бу каби эшитишлар давомида АҚШ разведкаси миллий хавфсизлик билан боғлиқ таҳдидлар ва муаммолар ҳақида сўзлаб беради.

Эшитишлар давомида миллий хавфсизликка турли таҳдидлар, жумладан, ўтган йили АҚШдаги давлат ва хусусий компаниялар тармоқларига қилинган хакерлик ҳужуми ҳамда Байден маъмуриятининг Эрон ядровий дастури бўйича эришилган келишувга АҚШни қайтариш бўйича олиб бораётган музокаралари кўриб чиқилади.