АҚШ фаластинликларга 235 миллион доллар ёрдам ажратади

Фаластин ҳудудига Исроил ракетаси отилганидан кейинги манзара.

Фаластин ҳудудига Исроил ракетаси отилганидан кейинги манзара.

АҚШ фаластинликларга БМТ орқали 235 миллион доллар ёрдам беради. Собиқ президент Дональд Трамп даврида бундай ёрдам тўхтатилган эди.

АҚШ давлат котиби Антони Блинкен 7 апрель куни эълон қилган баёнотга кўра, Вашингтон БМТнинг Фаластин қочоқларига ёрдам ва Ишларни ташкил этиш бўйича Яқин Шарқ агентлигига (UNRWA) 150 миллион доллар ажратади.

Шунингдек, АҚШ иқтисодий ва ривожланиш соҳасини қўллаш учун 75 миллион доллар, тинчлик ўрнатиш дастурлари учун 10 миллион доллар маблағ ажратади.

Фаластинни озод қилиш ташкилоти Ижроия қўмитаси аъзоси Аҳмад Абу Ҳули АҚШ давлат департаментига ушбу «муҳим ёрдам» учун миннатдорчилик билдиришини айтди.

Исроилнинг АҚШдаги элчиси Гилад Эрдан эса UNRWA дастурини молиялаштириш қарори Фаластинда баъзи ислоҳотлар, шу жумладан, ўқув дастуридан антисемитизм олиб ташланмасидан қабул қилинганини айтиб, эътироз билдирди.