Қўшма Штатлар Шинжондаги қамоқларда сақланаётган яқинларини озод этишни талаб қилиб, Олмаотадаги Хитой консуллиги олдида анчадан бери норозилик билдираётган қозоғистонликларнинг ҳуқуқларини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда АҚШнинг Қозоғистондаги элчиси Уильям Мозер 28 июнь куни ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
“Биз ҳеч қандай зўравонликларсиз, тинч йиғилиш ҳуқуқини қўллаймиз. Бу фуқаролар тинч намойиш ўтказмоқда. Албатта, биз Қозоғистонга бу масаладаги позициямизни билдирганмиз. Мен Қозоғистонга қарши санкциялар жорий этилади, деб айта олмайман”,-деди элчи.
Олмаотадаги Хитой консуллиги олдида яқинлари Шинжондаги қамоқларда сақланаётган қозоғистонликлар 140 кундан бери норозилик акциясини ўтказиб келмоқда. Шу кунгача Хитой томони бу норозиликка муносабат билдирмади.
Халқаро ҳамжамият бир неча йилдан бери Хитойни Шинжондаги уйғурлар ва бошқа мусулмон миллатларни ҳеч қандай асосларсиз таъқиб қилиб келаётганликда айблайди.
АҚШ Давлат департаменти диний эркинликлар бўйича йиллик ҳисоботида Хитойни мусулмон уйғурлар ва бошқа диний озчиликларга қарши “геноцид” содир этганликда айблади.