АҚШ президенти Жо Байден Москвадаги “Новая газета”нинг бош муҳаррири Дмитрий Муратовни ва Филиппин журналисти Мария Рессени Нобель Тинчлик мукофотига сазовор бўлгани билан табриклади.
“Жаҳондаги кўплаб журналистлар каби Рессе ва Муратов тоймасдан ва дадиллик билан фактларга таянмоқа. Улар ҳокимиятни суиистеъмол қилинишининг олдини олиш, коррупцияни фош қилиш ва шаффофликни талаб қилиш билан шуғулланишди. Улар ўзига ҳос қатъият билан мустақил ОАВларни ташкил этишди ва уларни овозини ўчирмоқчи бўлган шахслардан ҳимоя қилишди”,-дейилади Байден табригида.
8 октябрь куни Дмитрий Муратов ва Мария Рессе Нобель Тинчлик мукофоти лауреатлари сифатида эълон қилинди. Нобель қўмитасининг билдиришича, улар “демократия ва тинчлик учун зарур бўлган фикр эркинлигини ҳимоя қилганлари учун” мукофотланди.
7 октябрь куни адабиёт бўйича Нобель мукофоти келиб чиқиши танзаниялик бўлган британ ёзувчиси Абдулразоқ Гурнага берилгани маълум қилинган эди.
6 октябрь куни кимё бўйича Нобель мукофоти 2021 йилда Бенжамин Лист ва Дэвид Макмилланга берилди. Улар молекулаларни синтез қилишнинг янгича асимметрик органик катализи услубини кашф қилган.
5 октябрда физика бўйича Нобель мукофоти “комплексли физик тизимни тушунишга”, жумладан, Ер иқлими ва сайёралар ҳаракатини ўрганишга қўшган ҳиссаси учун Жоржио Паризи, Клаус Хассельман ва Сюкуро Манабега берилди.
Анъанавий Нобель ҳафталиги 4 октябрда физиология ва тиббиёт соҳаси бўйича Нобель мукофоти лауреатларини эълон қилиш билан бошланган. Бу мукофот АҚШ олимлари Дэвид Жулиус ва Ардем Патапутянга насиб қилди.
11 октябрь куни иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти лауреатлари эълон қилинади.