Беларусда АЭС синов пайтида «ҳимоя тизими ишга тушиши» ортидан ўчирилди

Беларусь АЭСи.

Беларусь расмийларининг маълум қилишича, мамлакатда янги қурилган атом электр станцияси (АЭС) синов жараёнида генераторларни ҳимоя қилиш тизими ишга тушгани учун ўчирилган.

Энергетика вазирлиги 16 январь куни қилган баёнотида маҳаллий вақт билан соат 19:02 да Остравец АЭСидаги 1-блок «генераторни ҳимоя қилиш тизими ишга тушганидан сўнг тармоқдан узилди», дейилади.

Вазирлик ҳудуддаги радиация даражаси «нормал» эканини қўшимча қилди.

2020 йилнинг ноябрь ойида Остравец шаҳри яқинида жойлашган АЭСнинг очилиш маросимидан атиги уч кун ўтиб трансформаторлар портлаб кетгани учун станцияда электр энергиясини ишлаб чиқариш тўхтатилган эди. Станция бир неча кундан кейин қайта иш бошлади.

Россиянинг «Росатом» давлат фирмаси томонидан қурилган икки реакторли АЭС 2022 йилда тўлиқ ишга туширилади.