Бишкек Ироқдаги қирғиз болаларни ватанига қайтаришга ҳаракат қилмоқда

Суриядаги "Ал Хол" лагери. Бу лагерда Марказий Осиёдан борган аёллар фарзандлари билан яшаши айтиб келинади.

Ироқ қамоқхоналарида бугунги кунда қирғизистонлик 80 нафар бола сақланмоқда. Бу ҳақда парламентда ўтган йиғилишда меҳнат ва ижтимоий ривожланиш вазири лавозимига номзод Ализа Солтонбекова маълум қилди.

“Ҳозирги кунда Ироқдаги қамоқларда 80 нафар қирғизистонлик бола сақланмоқда. Улардан олти ёшгача бўлганлари оналари билан, олти ёшдан катталари эса алоҳида сақланмоқда. Биз уларни Қирғизистонга қайтариш бўйича Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда ҳаракат бошладик. Вазирлик болаларни олиб келиб, реабилитациядан ўтказади ва кейин қариндошларига топширади”,-деди Солтонбекова.

Қирғизистон ҳукумати 2019 йилда ҳам Сурия ва Ироқдан қирғиз болаларни олиб келишга ҳаракат қилган эди. Музокаралар натижасида Қирғизистонга 70га яқин бола қайтарилишига келишилган. Бироқ бу иш номаълум сабабларга кўра амалга ошмай қолган эди.

Қирғизистотнга қўшни бўлган Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон ҳукуматлари 2019 йилда Сурия ва Ироқдан ўнлаб фуқароларини ватанига қайтарган.

Қирғизистон ҳукуматининг 2018 йилдаги маълумотларга таянган ҳолда билдиришича, Суриядаги жанггарилар сафида 850 нафар қирғизистонлик жанг қилган, улардан 150 нафари ўлган. “Ислом давлати” террор гуруҳига қўшилган қирғизистонликларнинг 140 нафари аёл.