Қирғизистон пойтахти Бишкекда ва Чуй вилоятида 27 октябрь куни пиццадан заҳарланганлар сони 290 кишига етди. Улардан 39 нафари ёш бола. Бу ҳақда Озодлик радиоси қирғиз хизматига давлат санитария назорати маркази вакили Маҳамат Мурзашев маълум қилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, заҳарланганлар орасида ўлганлар йўқ. Барча беморларнинг аҳволи ўртача оғир.
Касалхонага ётқизилганларнинг барчаси Бишкекдаги “Пицца Империяси” умумий овқатланиш тармоғи хўррандалари экани билдирилди. Мазкур воқеа ортидан тармоқ кафелари вақтинча ёпилди. Ҳукумат назорат органлари эса пойтахтдаги барча умумий овқатланиш жойларида текширув ўтказмоқда.
Қирғизистонда 2018 йилда назорат органларининг бизнес тузилмаларда текширув ўтказишини кескин чекловчи қарор қабул қилинган эди.
Ўшандан бери хўррандаларнинг овқатдан заҳарланиш ҳолатлари бир неча марта қайд этилди. Жумладан, март ойида Ахси туманида овқатдан заҳарланган 6 киши вафот этган. Октябрь ойида Сузоқ туманида ўтган тўйда 130 киши заҳарланган. Икки йил аввал эса Бишкекдаги “Ала Тоо” тўйхонасида юз киши заҳарланиб, касалхонага ётқизилган.