БМТ: Коронавирус пандемияси халқаро тинчлик ва барқарорликка жиддий таҳдид солади

БМТ бош котиби Антонио Гутерреш.

Коронавирус ўчоқларида инфекция тарқалиш суръати секинлай бошлагани ҳақидаги хабарлар тарқалар экан, эндиликда COVID-19 пандемияси глобал миқёсда иқтисодий бўҳрон ҳамда ижтимоий беқарорлик келтириб чиқариши ҳақида хавотирлар урчимоқда.

БМТ бош котиби Антонио Гутерреш янги коронавирус пандемияси халқаро тинчлик ва хавфсизликка жиддий таҳдид солишини айтиб, пандемия ижтимоий беқарорликка туртки бўлишини, бу эса, ўз навбатида, мамлакатларнинг касалликка қарши курашиш қобилиятига путур етказиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Сўнгги маълумотларга кўра, АҚШда кейинги уч ҳафтада 17 миллион киши ишсиз қолди. Мамлакатда COVID-19 туфайли ҳалок бўлганлар сони 16 мингдан ошган бўлса-да, Американинг пандемиялар бўйича етакчи мутахассиси ижтимоий масофа сақлаш ҳамда карантин чоралари самара бераётганини айтди.

Бир неча давлатда вирусга чалиниш ҳолатлари ҳамда шифохонага мурожаатлар сони озая бошлади. Лондонда бош вазир Борис Жонсон жонлантириш бўлимидан чиқарилди. Европа Иттифоқи молия вазирлари 500 миллиард долларли иқтисодий ёрдам чорасини маъқуллади.

Бир неча давлат аста-секинлик билан жорий қилинган чекловларни бекор қилиш устида бош қотира бошлади. Аммо мутахассислар чекловларни муддатидан олдин бекор қилиш касаллик тарқалиш суръати секинлай бошлаган ҳудудларда инфекция қайтадан авж олишига туртки бўлиши мумкинлигини айтмоқда.