БМТ: Тез орада Афғонистонга 36 миллион доллар ҳаводай зарур

Кобулда банкдан пул олиш мақсадида навбатга турганлар. 2021 йилнинг 1 сентябри.

Кобулда банкдан пул олиш мақсадида навбатга турганлар. 2021 йилнинг 1 сентябри.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик ташкилоти – FAO уруш ва қурғоқчиликдан тинкаси қуриган Афғонистоннинг олис ҳудудларига тез орада 36 миллион долларлик шошилинч ёрдам кўрсатиш зарурати ҳақида баёнот берди.

Ташкилотнинг фавқулодда вазиятлар бўйича идораси директори Рейн Полсен 14 сентябрь куни Кобулдан туриб журналистлар саволларига видеоалоқа орқали жавоб берар экан, қурғоқчилик Афғонистоннинг 34 вилоятидан 25 тасида камида 7 миллион 300 минг кишининг ҳаётига салбий таъсир кўрсатганини айтди. Унга кўра, камида 4 миллион афғон озиқ-овқат тақчиллиги шароитида яшамоқда.

13 сентябрда БМТ Женевада гуманитар инқирознинг олдини олиш мақсадида Афғонистонга кўмак кўрсатиш бўйича анжуман ўтказган эди. Анжуманда донор давлатлар Афғонистонга 1 миллиард 200 миллион долларга яқин гуманитар ёрдам кўрсатишга ваъда берган.