Германия даркнетдаги энг йирик ноқонуний бозорни йўқ қилди

Нидерландиядаги Европол бош қароргоҳи.

Нидерландиядаги Европол бош қароргоҳи.

Германия ҳукумати даркнетга қарши халқаро амалиёт доирасида жаҳондаги энг йирик ноқонуний онлайн бозорни йўқ қилди.

DarkMarket ва унинг Украина ҳамда Молдовадаги 20дан ортиқ сервери ноқонуний платформадан фойдаланувчиларни аниқлаш жараёнида ўчириб қўйилди, деб билдирди 12 январь куни Европол.

“Сақлаб олинган маълумотлар модераторлар, сотувчилар ва харидорларни аниқлашга хизмат қилади”,-дейилади Европол баёнотида.

DarkMarket оператори бўлган Австралия фуқароси ўтган дам олиш кунлари Германия-Дания чегараси яқинида қўлга олинган.

Ярим миллионга яқин харидор ва икки мингдан ортиқ сотувчи DarkMarketдан наркотиклар, қалбаки пуллар, ўғирланган ёки сохта кредит карталари, аноним SIM-карталар ва зарарли дастурларни сотишда фойдаланган.

Сайт орқали криптовалютада умумий миқдори 170 миллион долларлик бўлган 320 мингта харид амалга оширилган.

Мазкур амалиёт Германия, Австралия, Дания, Молдова, Украина, Британия, АҚШ ва Европол ҳамкорлигида амалга оширилган.