Горбачев ГКЧПнинг 30 йиллиги муносабати билан россияликларга мурожаат қилди

СССРнинг сўнгги раҳбари Михаил Горбачев ҳозир 90 ёшда.

СССРда 1991 йилнинг 18 августида амалга оширилган ва муваффақиятсиз якунланган давлат тўнтариши -ГКЧПнинг 30 йиллиги муносабати билан собиқ Совет Иттифоқининг сўнгги лидери Михаил Горбачев россияликларга мурожаат қилди.

Горбачев амалдаги Россия президенти Владимир Путин танқидчилари тез-тез тилга оладиган “ҳокимиятни узурпация қилиш” деган сўзни ишлатди.

90 ёшли Горбачев 1991 йилнинг августида содир этилган ҳодиса “замонавий Россия учун ҳам аҳамиятини йўқотмагани”ни тилга олди.

“Демократик принципларни ва қонун устуворлигини ҳимоя қилиш, ҳокимиятни узурпация қилишга йўл берувчи ва ўйланилмаган ҳаракатларни амалга оширишга тўсқинлик қилиш – жамият ва давлат мана шу нарсалар учун масъулдир. Мен Россиянинг демократик тараққиёти ягона ва тўғри йўл деб ҳисоблайман. Фақат шу йўлгина мамлакатимизни олға силжитади ва муаммоларимизни ҳал қилади”,-дейилади Горбачев-Фонд расмий сайтида 18 августда эълон қилинган мурожаатда.

1991 йилнинг 18 августида бир гуруҳ Совет амалдорлари мамлакат президенти Михаил Горбачевни Қримдаги дала ҳовлисида ҳибс қилиб, муваққат ҳукумат тузилганини эълон қилган эди.

ГКЧП деб аталган муваққат ҳукуматнинг мақсади Горбачев олиб бораётган демократик ислоҳотларни тўхтатиш бўлган. Аммо 21 август куни давлат тўнтариши муваффақиятсиз якунланган.