Данияда Россия фуқароси жосусликда айбланмоқда

Дания пойтахти Копенҳаген.

Дания ҳукумати Россия фуқароси жосусликда айбланиб қўлга олинганини билдирди. Баёнотда айтилишича, жосус Россия разведкасига Дания энергетика технологиялари тўғрисидаги маълумотларни берган.

Дания бош прокуратурасининг 9 декабрда маълум қилишича, жосусликда айбланаётган исми айтилмаётган шахс июль ойидан бери қамоқда сақланмоқда.

Россиянинг Копенҳагендаги элчихонаси қўлга олинган фуқаронинг шахси аниқланганини ва у “тушунмовчилик” оқибатида қўлга олинганини билдирди.

Аммо Дания прокуратураси мазкур шахс махсус хизматлар ва разведка бошқармасининг “жиддий текширувлари” ортидан қўлга олинганини таъкидламоқда. Агар Россия фуқаросининг жосус экани тасдиқланса, у узоқ муддатга қамалади ёки мамлакатдан бадарға қилинади.

Даниянинг Ольборг шаҳар суди бу ишни кўриб чиқади, бироқ ҳозирча суд жараёни қачон бошланиши номълум. Суд ёпиқ эшиклар ортида ўтказилади.