Ереванда бош вазир истеъфосини талаб қилаётган норозилардан камида 25 нафари қўлга олинди

Арманистон пойтахти Ереванда полиция 20 ноябрь куни бош вазир Никол Пашинян истеъфосини талаб қилаётган намойишчилардан камида 25 нафарини тутиб кетди.

Маҳаллий нашрлар хабарига кўра, норозилар жума куни ҳам ўз автомобиллари билан Ереваннинг қатор марказий кўчаларини тўсиб қўя бошлаганлар.

Акция иштирокчилари шу тариқа Пашиняннинг Тоғли Қорабоғ масаласи бўйича Озарбайжон ва Россия президентлари билан биргаликда имзолаган битимига норозилик билдирмоқдалар.

“Интерфакс” агентлигининг хабар қилишича, 20 ноябрь куни Арманистоннинг катталиги жиҳатдан иккинчи шаҳри бўлган Гумрида ҳам норозилик акциялари бўлиб ўтган.

Арманистонда юзага келган сиёсий бўҳрон қабатида бир неча вазир истеъфога чиққан. Никол Пашиняннинг ўзи лавозимини тарк этиш нияти йўқлигини билдирган. РБК қайдича, 18 ноябрь куни у мамлакатда ўтказилажак ислоҳотлар режасини эълон қилиб, улар бўйича ярим йилдан кейин ҳисобот беришини очиқлаган.

Арманистонда бош вазир истеъфоси талаби билан норозилик намойишлари 10 ноябрга ўтар кечаси В. Путин, И. Алиев ва Н. Пашинян ўртасида Тоғли Қорабоғда жанговар ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисида битим имзолангани эълон қилиниши ортидан бошланиб кетган. Мазкур ҳужжатга кўра, урушда иштирок этаётган томонлар эгаллаган позицияларида қоладилар. Шу тариқа аввал арман томони назорати остида бўлган катта ҳудуд Озарбайжон тасарруфига ўтадиган бўлган.

Пашинянга кўра, армия битим шартларини қабул қилган. Арманистон бош вазири ҳужжатни мамлакат учун оғриқли, деб атаган, бироқ бошқа чора ҳам бўлмаганини урғулаган. Айни пайтда ҳукумат алмашишини истаётган мухолифат тарафдорлари Тоғли Қорабоғ бўйича уч томонлама келишувни хоинлик ўлароқ баҳолаган.