Вояга етмаган болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатлари сўнгги 20 йил ичида кўпайиб бормоқда. 10 июнь куни эълон қилинган ҳисоботда таъкидланишича, коронавирус пандемияси даврида болалар меҳнатидан фойдаланиш тенденцияси кучайган.
Халқаро меҳнат ташкилоти ва ЮНИСЕФ ҳамкорлигида ўтказилган тадқиқотда аниқланишича, айни пайтда жаҳонда 160 миллион бола меҳнат қилишга мажбур бўлмоқда. Бу сўнгги тўрт йилдаги кўрсаткичлардан 8 миллион 400 мингга кўпдир.
Ҳисоботда таъкидланишича, ҳар 10 ўсмирдан бири тирикчилик ўтказиш учун ишлашга мажбур, бу эса уларнинг саломатлигига, таълим олишига ва соғлом турмуш тарзига тўсқинлик қилмоқда.
Балоғатга етмаган болалар меҳнатидан фойдаланувчи асосий ҳудуд сифатида Африканинг жанубидаги давлатлар қайд этилган.
Ҳисобот муаллифларига кўра, пандемиянинг иқтисодиётга ва таълим тизимига кўрсатган салбий оқибати ортидан 2022 йилнинг охиригача яна 9 миллионга яқин бола иш излашга мажбур бўлади.