Тожикистон Ислом уйғониш партияси раҳбарияти Афғонистон махсус хизматларининг Афғонистонда партиянинг қуролланган аъзолари борлиги ҳақидаги баёнотини рад этди.
Аввалроқ Кобул расмийлари мамлакатда 6 мингдан 10 минггача хорижлик жангчилар борлигини, улар орасида Тожикистон фуқаролари ҳам борлигини таъкидлаган эди.
18 февраль куни Афғонистон Миллий хавфсизлик бош бошқармаси раиси Аҳмад Зиё Сараж терроризмга қарши кураш бўйича Кобулда бўлиб ўтган анжуман якунида мамлакатда Ўзбекистон исломий ҳаракати, «Ансоруллоҳ» ҳаракати, Шарқий Туркистон исломий ҳаракати ва Тожикистон Ислом уйғониш партияси жангарилари борлигини таъкидлади.
Сараж ушбу қуролли гуруҳларнинг мақсади Марказий Осиё ва Хитойда уруш келтириб чиқариш эканини қўшимча қилди.
Тожикистонда ман этилган Ислом уйғониш партияси раҳбари Муҳиддин Кабирий 19 февраль куни Озодлик радиосининг тожик хизматига берган интервьюсида:
-ТИУПнинг ҳарбий қаноти йўқ, шу жумладан, Афғонистонда ҳам. Ушбу баёнот Афғонистон махсус хизматлари томонидан тожикистонлик ҳамкасблари учун махсус қилинди, - деди.
Тожикистон олий суди 2015 йилда Ислом уйғониш партиясини террор ташкилоти сифатида тан олган. Ўшандан бери партиянинг кўплаб етакчилари ва аъзолари қамоққа олинди, уларнинг айримлари мамлакатни тарк этди.