Исроил полицияси ва фаластинликлар ўртасидаги тўқнашувлар давом этмоқда

Фаластинликларга ўқ отаётган Исроил полициячиси.

Фаластинликларнинг Исроил полицияси билан тўқнашувлари 8 май куни яна қайта бошланди. Бунга Исроил полицияси Рамазон ойида яҳудийлар ўзиники эканини иддао қилаётган ерлардан мусулмонларни мажбурий равишда кўчириб чиқаришга ҳаракат қилаётгани сабаб бўлмоқда.

Бундан бир кун аввал Исроил полицияси ва фаластинликлар ўртасида бўлиб ўтган тўқнашувларда 205 фаластинлик ва Исроил полициясининг 18 ходими яраланган эди. 8 май куни полиция минглаб норози фаластинликларни тарқатиш учун резина ўқлар, кўздан ёш сиздирувчи газ, шовқинли гранатларни қўллади.

8 майдаги тўқнашувларда 68 фаластинлик яралангани, улардан 11 нафари касалхонага ётқизилгани хабар қилинди.

Исроил полицияси билан тўқнашувлар 90 минг мусулмон Қуддусдаги Ал Ақсо масжидига Лайлатул қадр тунини нишонлашга йиғилгани ортидан бошланиб кетди. Ислом динидаги муқаддас жойлардан бири ҳисобланадиган Ал Ақсо масжиди ҳудудида жойлашган тепаликни яҳудийлар ҳам ўзларига тегишли муқаддас жой ҳисоблашади.

Ўша куни Ал Ақсо масжиди яқинидаги мавзедан ўнлаб фаластинликлар ўзларини уйларидан қувиб чиқмоқчи бўлган яҳудийларга қаршилик кўрсата бошлаган.

9 май куни томонлар ўртасидаги низолашув янада кучайиши мумкин экани таҳмин қилинмоқда. 9 май куни яҳудийлар Шарқий Қуддусни босиб олганларини тантанали нишонлашади ва бу кун Қуддус куни деб аталади. Бу тантана 10 майгача давом этади.

10 май куни Исроил суди Ал Ақсо яқинидаги мавзеда яшовчи фаластинликларнинг уйларини босиб олиниши юзасидан ўз қарорини чиқариши кутилмоқда.