Коронавируснинг янги турлари хавотирга сабаб бўлмоқда

Коронавирусга қарши ишлаб чиқарилган вакциналардан бири.

Коронавируснинг янги вариантлари, хусусан, илк маротаба Буюк Британия, Жанубий Африка ва Бразилияда аниқланган штаммлари соғлиқни сақлаш мутахассисларини ташвишлантирмоқда.

Олимларнинг айтишича, вируснинг ушбу уч тури янада тез суратда тарқалмоқда. Бу эса бусиз ҳам оғир аҳволга тушиб қолган касалхоналар ва соғлиқни сақлаш тизимларига босимни кучайтириши мумкин.

Вируснинг Британияда аниқланган янги штамми ортидан мамлакатнинг катта қисмида вирус юқтирганлар ва нобуд бўлганлар сони ошиб бормоқда.

Бошида янги штамм аввалгисидан хавфли эмаслиги айтилган эди. Аммо 22 январь куни Буюк Британия ҳукуматининг бош илмий маслаҳатчиси Патрик Валланс дастлабки маълумотлар янги штамм хавфлироқ эканини кўрсатганини айтди.

Мавжуд вакциналар аҳолини вируснинг Британияда аниқланган туридан ҳимоя қила олади. Аммо Жанубий Африка ва Бразилияда аниқланган штаммлар хавотир келтириб чиқармоқда.