Косово президенти лавозимига 4 апрель куни 38 ёшли Вьоса Османи сайланди. Унинг номзоди учун парламентдаги 120 депутатдан 71 нафари овоз берди.
Османи ўтган йилнинг ноябрида Ҳаага суди томонидан ҳарбий жиноятларда айбланган Хашим Тачи истеъфо берганидан бери унинг ўрнига президент вазифасини бажариб келаётган эди.
Османи сайланганидан сўнг президент сифатида сўзлаган илк нутқида Сербия билан муносабатларни қайта тиклашга эътибор қаратишини билдирди.
Айни пайтда Османи Сербия Косова халқидан узр сўраши лозимлигини ва 1998-1999 йиллардаги урушда ҳарбий жиноятларни содир этганларни жазолаши шарт деб ҳисоблайди.
Мазкур урушдан сўнг Косово 2008 йилда Сербиядан мустақиллигини эълон қилган эди. Косово Европа жануби-шарқида жойлашган Болқон ярим оролидаги қисман тан олинган давлат. Унинг мустақиллигини дунёдаги 193 давлатдан 98таси тан олган. Косовода икки миллионга яқин аҳоли яшайди.