«Новая газета» Чеченистондаги судсиз қатл этишлар бўйича суриштирув ўтказди

Чеченистон президенти Рамзан Қодиров.

15 февраль куни Москвада чиқадиган «Новая газета» нашри 2017 йилда Чеченистонда судсиз қатл этилгани айтиладиган шахслар бошида маҳаллий полиция томонидан ҳибсга олинганини кўрсатувчи расмий ҳужжатларни эълон қилди.

Газета мақоласида ёзилишича, 2017 йилда ҳибсга олинган 27 киши ўша йилнинг январь ойи охирида шошилинч тарзда қатл этилган.

Чеченистон расмийлари ушбу шахслар полиция томонидан ҳибсга олинганини рад этиб келади. Россия Тергов қўмитаси эса «Новая газета» нашрининг ушбу айбловлар бўйича тергов ўтказиш талабини рад этган.

«Новая газета» мақоласида ёзилишича, 27 киши Грозний полициячисига қилинган ҳужум ортидан ўтказилган махсус амалиёт давомида қўлга олинган. Мақолада Чеченистон Ички ишлар вазирлигидан олингани айтилаётган ҳужжатлардан иқтибос келтирилди.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров репрессив йўллар билан Чеченистонни бошқариб келаётгани ҳамда мамлакат хавфсизлик кучларига чексиз ваколат берганини айтиб келади.