Рим папаси уйғурларни “қувғин қилинаётган халқ” деб атади

Рим папаси уйғурлар муаммосига илк маротаба муносабат билдирди.

Рим папаси Франциск уйғурларни “қувғин қилинаётган халқ” сифатида тилга олди. Католик черкови раҳнамоси уйғурлар Хитойда босим остида қолаётгани тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлганидан бери биринчи маротаба бу мавзуга эътибор қаратди.

“Мен қувғин қилинаётган роҳинжа, бечора уйғурлар, язидлар ҳақида кўп ўйлайман”,-деб ёзган Рим папаси ўзининг “Келинглар, ёрқин келажак ҳақида орзу қилайлик”, деб номланган китобида. Китоб 23 ноябрь куни нашрдан чиқди.

Бунга қадар папа Мьянмада роҳинжа мусулмонлар репрессия қилинаётгани, Ироқдаги язидлар “Ислом давлати” гуруҳи томонидан ўлдирилаётганига муносабат билдирган. Аммо уйғурлар ҳақида гапирмаган эди.

2017 йилдан бери халқаро ҳамжамият Уйғур-Шинжон мухториятида Хитой томонидан миллионлаган уйғурлар босим остида қолаётгани ва қувғин қилинаётгани тўғрисида ташвиш билдириб келади. Хитой эса “экстремистлик ва террорчиликка қарши кураш доирасида уйғурлар қайта тарбиялаш лагерларида” сақланаётганини билдириб, мусулмонлар қувғин қилинаётганини инкор этиб келади.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги 24 ноябрь куни Рим папаси Францискнинг уйғурлар қувғин қилинаётгани тўғрисида ёзганлари “асоссиз экани” тўғрисида баёнот тарқатди.