Россия коронавирус туфайли издан чиқаётган иқтисодиётини қўллаш учун $4 млрд ажратишини эълон қилди

Россия бош вазири Михаил Мишустин.

Кескин пастлаб кетган нефть нархлари ҳамда коронавирус пандемияси туфайли йирик иқтисодий муаммоларга дучор бўлган Россия ўз иқтисодини қувватлаш учун 4 миллиард доллар қийматга эга жамғарма тузади.

16 март куни бош вазир Михаил Мишустин таклиф қилинаётган чоралар орасида авиаширкатларни ҳамда туризм ширкатларини вақтинча солиқлардан озод қилиш ҳамда бизнес учун қулай кредитлар ажратиш каби енгилликлар борлигини айтди.

Шунингдек, «Газпром» ва «Роснефть» каби давлат корхоналарига дивиденд тўлашни олти ойгача кечиктиришга изн берилади.

Россия расмийларига кўра, 2020 йилги федерал бюджетда давлат корхоналаридан 7,4 миллиард доллар миқдорида дивиденд олиш кўзда тутилган. Бу ширкатлар одатда дивидендларни йил ўртасида тўлайди.
Россия иқтисоди нефть савдосига қарам бўлиб, 9 март куни ушбу хом ашёнинг нархи кескин тушиб кетиши Россия иқтисодига қаттиқ зарба бўлди.

Россиянинг жорий бюджети нефть нархи баррелига 40 доллар бўлса, балансда бўлади. Аммо айни дамда бир баррель нефть нархи 30 доллар атрофида қолмоқда.