Россия профессори фашистлар Германияси 6 миллион яҳудийни ўлдирганини рад этди

Освенцим (Аушвиц) ўлим лагерининг собиқ маҳбуслари ўзларининг озод қилинганининг 75 йиллигини хотирлашмоқда.

Освенцим (Аушвиц) ўлим лагерининг собиқ маҳбуслари ўзларининг озод қилинганининг 75 йиллигини хотирлашмоқда.

Россия халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси профессори, Санкт-Петербург давлат иқтисодиёт университетит ўқитувчиси Владимир Матвеев Ленинград вилояти ўқитувчилари учун ўткизган вебинарида “тарихчилар айтгани каби кенг кўламли Холокост содир этилмаган”, деб маълум қилди.

“Барча концентрация лагерларидан 6 миллион жабрдийдани ўтказиш мумкин эмас эди. Шунинг учун 6 миллион деган рақам ўйлаб топилган”,-деди Матвеев.

Унга кўра, яҳудийларни қириш амалиёти “қабиладошларнинг бир-бирининг ўлдириши” бўлган ва “яҳудийлар элат холос, шунинг учун миллатлараро кўриниш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас”.

Профессорга кўра, “Германияда яҳудийларнинг жасадлари ёилган печлар топилган эмас, одамларни газ билан бўғиб ўлдирувчи камералар ҳам бўлмаган”.

Владимир Матвеевнинг айтишича, газ фақат дезинфекция мақсадида қўлланилган.

“Холокост кенг кўламли даражада бўлмаган. Ўйлайманки, ҳар бирингиз ўқувчиларга бу ғояни еткизиб бера оласиз. 1938-1945 йилларда геноцид бўлган. Лекин Холокост бўлган эмас”,-деб айтган у.

27 январда Холокост қурбонларини хотирлаш халқаро куни нишонланади. 1945 йилнинг 27 январида Совет Армияси Польшадаги Освенцим (Аушвиц) ўлим лагерини озод қилган эди. Иккинчи жаҳон урушида бир миллиондан ортиқ яҳудий мазкур лагерда Адольф Гитлер раҳбарлигидаги фашистлар Германияси томонидан ўлдирилганди.

Фашистлар Германия томонидан ташкил қилинган бошқа ўлим лагерларида ҳам миллионлаб яҳудийлар ва бошқа халқлар вакиллари газ камераларида заҳарланиб, бўғиб ўлдирилган.