Россия Тожикистондаги ҳарбий базасини кучайтиришга ваъда берди

Россия ва Тожикистон президентлари Москвада 9 май арафасида учрашди.

Президент Владимир Путин 8 май куни ҳамкасби Эмомали Раҳмон билан Москвада бўлиб ўтган учрашув чоғида Россия Тожикистондаги ҳарбий базасини кучайтириш ва мустаҳкамлаш масаласида бош қотираётганини маълум қилди.

Путин, шунингдек, Россия “Тожикистон армиясининг қудратли бўлишига ҳам кўмаклашиш” ниятида эканини таъкидлади.

Айни пайтда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон АҚШ Афғонистондан ҳарбийларини олиб чиқиб кетиши ортидан мазкур мамлакатда вазият кескинлашиши мумкинлигидан ташвиш билдирди.

Тожикистондаги учта ҳарбий базага Россия 201-дивизиясининг 7 мингдан ортиқ ҳарбийси жойлашган.

Президент Эмомлаи Раҳмон Москвага Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 76 йиллигини нишонлаш учун борган. Марказий Осиёнинг қолган давлатлари раҳбарлари мазкур парадга бормаслигини билдирганлар.