Россияда 150 дан ортиқ нодавлат ташкилоти ва ОАВ “хориж агенти” қонунини бекор қилишни талаб этмоқда

"Хориж агенти" қонунига қарши Россияда қатор норозилик намойишлари бўлиб ўтган.

Россияда 150 дан ортиқ нодавлат ташкилоти ва ОАВ “хориж агенти” қонунини бекор қилиш талаби билан петиция имзолади. Петиция Change.org сайтида 14 сентябрда эълон қилинди. Эндиликда уни фуқаролар ҳам имзолаши мумкин. Билдирилишича, эълон қилинганидан бир соат ўтгач, мазкур петицияни камида уч минг киши имзолади.

Петицияда қайд этилишича, 2021 йилнинг бошидан бери Россия Адлия вазирлиги 6 ОАВ, 20 журналист ва 7 нодавлат ташкилотини хориж агенти реестирига киритган. Аввалги йилларда эса жами 200 ташкилот ва жисмоний шахс хориж агенти деб эълон қилинди.

Петиция муаллифларига кўра, мазкур қонун воситасида ҳукумат матбуот ва фуқаролик жамиятига босим кўрсатиш имкониятига эга бўлди.

“Хориж агентлари тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши ортидан 2017 йилда “хориж агентлари рўйхати” ҳам шакллантирилди. Озодлик радиоси рус хизмати ҳам “хориж агенти”, деб топилган. Аммо радио Россия ҳукуматининг бу қарорига норозилик билдириб келмоқда.