Россияда Алексей Навальнийга нисбатан жиноят иши очилди

Мухолифатчи А. Навальний ўзини ФСБ ходимлари ўлдиришга уринганини иддао қилган.

Россия Тергов қўмитаси мухолифатчи Алексей Навальнийга нисбатан жиноят иши очди. Қўмита Кремль танқидчисини унинг аксилкоррупция ташкилотига аҳоли томонидан эҳсон қилинган бир неча юз миллион рублни ноқонуний ўзлаштирганликда айбламоқда.

Жиноят иши очилиши муносабати билан заҳарланганидан сўнг Германияда даволанаётган Навальнийнинг Россияга қайтиши шубҳа остида қолмоқда. Агар у ватанига қайтса ва айбдор деб топилса, узоқ муддатга қамалиши мумкин.

Навальний ўзига билдирилган айбларни тан олмади. Унга кўра, ҳукумат ундан ўзини ким заҳарлаганини фош этгани учун ўч олмоқда. Навальний олдинроқ ўзининг заҳарланиши ортида миллий хавфсизлик хизмати турганини иддао қилган эди.

Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний заҳарланиш асоратлари билан шу йил 20 августида Омск касалхонасига ётқизилганди – унинг аҳволи Томскдан Москвага парвоз қилаётган учоқнинг ичида ёмонлашган. 22 август куни мухолифатчи Берлиндаги “Шарите” клиникасига кўчирилган. У икки ҳафтадан кўпроқ комада ётган.

Навальнийнинг анализ намуналари қатор Европа давлатларидаги лабораторияларда текширилган ва мутахассислар Навальний "Новичок" туркумига кирувчи кимёвий қурол воситасида заҳарланганини аниқлаган.

Ғарб давлатлари Россиядан мухолифатчи А. Навальнийнинг заҳарланиши юзасидан тушунтириш талаб қилиб келмоқда.