Россияда муҳожирларнинг ноқонуний яшаш муддати 30 сентябргача узайтирилди

Россиядаги меҳнат муҳожирлари.

Россиядаги меҳнат муҳожирлари.

Президент Владимир Путиннинг фармонига асосан Россияда муҳожирларнинг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг вақтинчалик ёки доимий яшаш муддатлари 2021 йилнинг 30 сентябригача узайтирилди. Бунга коронавирус пандемияси туфайли юзага келган вазият сабаб қилиб кўрсатилди.

Шу кунга қадар Россияда муҳожирларнинг вақтинча яшаш муддати 15 июнгача белгиланган эди. Шу санадан бошлаб Россияни тарк этмаган муҳожирлар ноқонуний яшовчилар сифатида тан олиниши белгиланганди.

Фармонга асосан, 30 сентябргача муҳожирларни Россиядан маъмурий равишда чиқариб юбориш, депортация қилиш, вақтинча қолиш муддатини қисқартириш, қочқинлик мақомидан маҳрум қилиш, вақтинчалик бошпана бериш, илгари берилган визаларни бекор қилиш, ишлашга рухсатнома ва патент бериш тўғрисида қарорлар қабул қилинмайди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, 16 июндан бошлаб Россияда яшаш учун қонуний асосларга эга бўлмаган шахслар ўзлари бўлиб турган ҳудуддаги полиция бўлимларига 30 сентябрга қадар мурожаат қилишлари шарт бўлади.