Россияда ўзбек муҳожир бир оилани ўлдиргани айтилди. Расмийлар бу маълумотни ҳозирча тасдиқламади

Қотилликда гумон қилинаётган шахс сўроқ қилинаётган пайт. Фотосурат Россия Тергов қўмитасининг Нижегород вилояти бўйича бошқармаси расмий сайтидан олинди.

Россиядаги ва Ўзбекистондаги айрим нашрлар, шунингдек, Би-Би-Си радиоси Нижний Новгород шаҳрида 26 ёшли ўзбекистонлик бир оиланинг 4 аъзосини ўлдирганликда гумонланиб 1 март куни қўлга олингани ҳақида хабар берди.

Россия Тергов қўмитасининг Нижний Новгород вилояти бўйича бошқармасининг расман билдирилишича, мудҳиш жиноят 28 февраль куни содир этилган.

Терговнинг маълум қилишича, 28 февраль куни Кудьма Приокск посёлкасидаги хонадонлардан бирида қора ишчи бўлиб ишлайдиган шахс 5 ёшли ўғил болани, унинг 41 ёшли онасини, 64 ёшли бобо ва 63 ёшли момони ўлдирган. Шундан сўнг у катта миқдордаги пулни ўғирлаб, қочишга ҳаракат қилган. Аммо полиция ва Тергов қўмитаси уни қўлга олишга муваффақ бўлган.

Россия Тергов қўмитасининг Нижегород вилояти бўйича бошқармасининг бу борада тарқатган тўртта баёнотида қўлга олинган шахснинг ўзбекистонлик экани айтилмаган.