Саудия Арабистони пойтахт Ар Риёдга қилинган ракета ҳужумининг олди олинганини билдирди

Ар Риёд манзараси.

Саудия Арабистони ҳукумати 27 февраль куни пойтахт Ар Риёдга отилган ракета уриб туширилганини билдирди.

Билдирилишича, ракета Ямандаги хусий шиа исёнчилари томонидан отилган.

Ямандаги шиа исёнчиларига қарши курашаётган араб давлатлари ҳарбийларидан иборат коалицияга раҳбарлик қилаётган Саудия ҳукумати баёнотида хусий исёнчилар Ар Риёд ва Жизан вилоятига ракета отгани айтилади.

Хусийлар бу баёнотга ҳозирча муносабат билдирмади. Ракета ҳужумидан жабрланганлар тўғрисида ҳам маълумот йўқ.

Саудия телеканаллари Ар Риёд осмонида портлаш юз бергани тўғрисидаги видеони эфирга узатди. Таҳлилчиларга кўра, ракеталар АҚШнинг Patriot ҳаводан мудофаа тизими ёрдамида уриб туширилган.

Саудиядаги АҚШ элчихонаси мамлакатдаги америкаликларни ҳужумлар давом этиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

2014 йилда хусий шиа исёнчилари Яман пойтахти Сана шаҳрини ва мамлакат шимолидаги катта ҳудудни босиб олган эди. Бунинг ортидан президент Абд Раббу Мансур Ҳодий раҳбарлигидаги суннийлар ҳукумати Саудия Арабистонига қочишга мажбур бўлган.

Саудия 2015 йилда шиа исёнчиларига қарши коалиция тузган ва Абд Раббу Мансур Ҳодий ҳокимиятини тиклаш мақсадида хусийларга уруш очган. Эрон бу урушда хусий шиа исёнчиларни қўллаб келади.