Тожикистонда юрган сел оқибатида камида 12 киши ҳалок бўлди

Панжикентдаги сел оқибатлари.

Тожикистон шимоли-ғарбидаги Панжикент туманида сел оқибатида камида 12 киши ҳалок бўлди. Улардан 4 нафари балоғатга етмаган болалардир.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Озодлик радиоси тожик хизматига билдиришича, жала оқибатида туманнинг Даштиқози ва Қиштудак қишлоқларида 19 июль куни кечқурун сел юрган. Вазирлик матбуот котиби Умеда Юсупова ҳалок бўлганлар сони бундан-да кўп бўлиши мумкинлигини, айни пайтда икки киши бедарак эканини айтди.

Дастлабки маълумотларга қараганда, сел оқибатида 15та уйга зарар етди, 3 километр йўл бузилди ва 35 бош чорва нобуд бўлди.

Ўтган ҳафтада Қирғизистон ва Ўзбекистонда ҳам сув тошқинлари юз бергани, камида 16 киши ҳалок бўлгани хабар қилинган эди.