Боку ва Ереван Тоғли Қорабоғдаги тўқнашув ҳудудида кўплаб одам қурбон бўлганини айтмоқда

Сўнгги кунларда тан олинмаган Тоғли Қорабоғдаги тўқнашув ҳудудида 70 га яқин тинч аҳоли вакили нобуд бўлган, 300 дан зиёд одам яраланган. Бу ҳақда Озарбайжон Бош прокуратураси маълум қилди. Бу маълумотлар тўғрилигини текширишнинг имкони йўқ.

Ўз навбатида, Арманистон ҳам ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари орасида йўқотишлар бўлганини билдирмоқда.

Боку Ереванни бир неча жойни, хусусан, Тертер ва Барди шаҳарларини оғир тўплардан ўққа тутганликда айблаб чиқди. Озарбайжон Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, у ерларда ёш болалар дохил 19 киши нобуд бўлган, яна 60 нафар тинч аҳоли вакили жароҳат олган.

Ереван эса Қорабоғ “Смерч” реактив тизимидан ўққа тутилгани, Шушида камида бир одам ҳалок бўлиб, икки киши яраланганини очиқлаган. Арманистон армияси қуролли тўқнашувлар бошланганидан бери ўтган бир ой давомида жангларда мингдан зиёд ҳарбийсини йўқотганини билдирган.

Тоғли Қорабоғда қуролли тўқнашув сентябрь ойи охирида кучайган. Арманистон ва Озарбайжон бир-бирларини можаро эскалациясида айблаганлар. Вақти-вақти билан томонлар сулҳ ҳақида ўзаро келишган бўлсалар-да, тез орада сулҳ шартлари бузилганини маълум қилишган.