Туркия Мармарадан Қора денгизга йўл очувчи Истанбул канали лойиҳасини тасдиқлади

Президент Эрдўғон канал лойиҳасини 2011 йилдан бери олға суриб келади.

Туркия ҳукумати 27 март куни Босфор бўғози орқали кемалар ҳаракатини енгиллаштиришга қаратилган Истанбул канали лойиҳасини тасдиқлади.

Мазкур лойиҳа айни пайтда президент бўлиб турган Режаб Тоййип Эрдўғон тарафидан 2011 йилда таклиф қилинган эди. Бироқ шу кунгача тасдиқланмаганди.

Бир неча миллиард долларлик мазкур лойиҳа амалга оширилса, кемалар Ўрта Ер денгизи орқали Мармара денгизига сузиб ўтиб, канал орқали Босфор бўғози ва Қора денгизга чиқиш имкониятига эга бўлади.

Каналнинг умумий узунлиги 45 километрни ташкил қилади.