Туркия президенти Эрдўғон Тоғли Қорабоққа борди

Илҳом Алиев ва Эрдўғон (ўнгда) Тоғли-Қорабоғнинг Фузулий туманида. 2021 йил 15 июнь.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 15 июнь куни Брюсселда ўтган НАТО саммитидан сўнг Озарбайжон пойтахти Бокуга учиб келди. Бу ердан у Арманистоннинг 30 йиллик назоратидан сўнг яна Озарбайжон бошқарувига ўтган Тоғли Қорабоғдаги Фузулий туманига борди. Туманда уни Озарбайжон президенти Илҳом Алиев рафиқаси билан кутиб олди.

Икки давлат раҳбарлари Фузулий туманидан Шуша шаҳрига йўл олишди. Ўтган йили Арманистон ва Озарбайжон ўртасида юз берган урушда Шуша шаҳрининг озарбайжон аскарлари томонидан эгалланиши жангларнинг бурулиш нуқтаси бўлган эди. Шушада Эрдўғон шарафига фахрий қоровул саф тортди.

Шуша шаҳридан бир неча километр узоқликда Россия тинчликпарвар кучларининг пости жойлаштирилган. Россия кучлари мазкур ҳудудга 2020 йилнинг 10 ноябрида Арманистон, Озарбайжон ва Россия ўртасида этишилган шартномага асосан киритилган.

16 июнь куни Эрдўғон ва Алиев Бокуда футбол бўйича Европа чемпионати доирасида ўтадиган Туркия-Уэльс мусобақасини томоша қилади.

Туркия Арманистон билан Тоғли Қорабоғ юзасидан келиб чиққан урушда Озарбайжонни ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлади.

Тоғли Қорабоғ халқаро миқёсда Озарбайжон ҳудуди ўлароқ тан олинган. Аммо минтақа 1990 йиллар бошидан 2020 йилнинг ноябрь ойигача этник арман қўшинлари бошқарувида эди.

2020 йилнинг 27 сентябрида Тоғли Қорабоғда Арманистон ва Озарбайжон ўртасида ҳарбий тўқнашувлар бошланиб, 44 кун давом этди. Урушда Боку Тоғли Қорабоғнинг йирик ҳудудини ва унга туташ туманлар устидан назоратни тиклашга муваффақ бўлди.