Туркияда 1 июлдан коронавирусга оид чекловлар тўлиғича бекор қилинди. Ҳукумат қарори билан соат 22 дан тонги соат 5гача бўлган комендантлик соати, якшанба кунги тўлиқ комендантлик соати бундан буён амал қилмайди ва умумий овқатланиш шохобчалари, тўйхоналар, кинотеатрлар фаолиятига рухсат берилди.
Айни пайтда аҳоли тиббий ниқобда ҳаракатланиши лозимлигига оид талаб ўз кучида қолди.
Мамлакатга кираётган туристлар қуйидаги тўрт шартдан бирини бажарган бўлиши лозим: камида 14 кун олдин коронавирусга қарши эмалангани тўғрисидаги маълумотнома ва унинг инглиз тилидаги нусхасига эга бўлиш, олти ой олдин вирусга чалиниб тузалгани ҳақида тиббий маълумот, 72 соат олдин коронавирусга қарши тест топширган бўлиши ва вирус йўқлиги ҳақидаги тиббий маълумот ёки 48 соат аввал антиген тестини топширгани ва салбий натижага эга экани тўғрисидаги маълумот.
Туркия ҳукумати айрим туристлардан қўшимча равишда аэропортда коронавирусга қарши тест олиш ҳуқуқини сақлаб қолади.
Туркияда 1 июнь ҳолатига кўра, 15 миллион киши коронавирусга қарши эмланди. Статистик маълумотларда қайд этилишича, Туркияда коронавирусга чалинганлар сони озайган.