Туркиянинг Бишкекдаги элчихонаси Ўрхон Инанди элчихонада ҳибсда сақланаётганини рад этди

Ўрхон Инандининг рафиқаси Рейхан 3 июнда Бишкекда ўтган матбуот анжуманида турмуш ўртоғи Туркия элчихонасида ҳибсда сақланаётгани ҳақида гапирган.

Туркиянинг Қирғизистондаги элчихонаси “Сапат” таълим тизими президенти, 31 майда бедарак кетган Ўрхон Инанди турк элчихонаси биносида ҳибсда сақланмоқда, деган маълумотни инкор қилди. Бу ҳақда Қирғизистон парламенти қўмитаси йиғилишида Ташқи ишлар вазири ўринбосари Айбек Артиқбаев маълум қилди.

Артиқбаевнинг айтишича, 7 июнда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигида Туркия элчиси билан бу масалада учрашув бўлиб ўтган.

“Ўрхон Инандининг хотини турмуш ўртоғи Туркия элчихонасида сақланаётганини иддао қилган эди. Туркия элчихонаси Вена конвенциясига асосан даҳлсизлик мақомига эга. Кеча турк элчиси учрашувда Ўрхон Инанди “Туркия элчихонасида экани тўғрисидаги иддао нонсенс, бу ҳақиқатга тўғри келмайди”, деб расман билдирди”, - деди вазир ўринбосари.

Туркиянинг Қирғизистондаги “Сапат” таълим тизими раҳбари Ўрхон Инанди 1 июнга ўтар кечаси бедарак кетган.

Президент Садир Жапаров Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик қўмитасига Инандини қидириш ишларига қўшимча кучларни сафарбар қилиш ҳақида шахсан кўрсатма берган.

Туркиянинг собиқ фуқароси Инанди “Сапат” мактаблар тизимининг асосчиларидан бири ва Бишкекдаги “Отатурк Ала-Тоо” университети таъсисчиларидан биридир. У Қирғизистон фуқаролигини қабул қилган.

Туркиянинг “Себат” мактаблари Қирғизистонда 1992 йилдан бери фаолият юритиб келади. Қирғизистон ҳукуматининг 2017 йилдаги қарорига асосан “Себат” номи “Сапат” деб ўзгартирилган. Бугунги кунда бу мактабларда камида 10 минг ўқувчи таълим олмоқда.