Туркманистон президенти Халқ Маслаҳати жиловини ҳам ўз қўлига олди

Бердимуҳаммедов бунга қадар президентликдан ташқари Туркманистон бош вазири лавозимини ҳам эгаллаган эди.

Бердимуҳаммедов бунга қадар президентликдан ташқари Туркманистон бош вазири лавозимини ҳам эгаллаган эди.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов яқиндагина ташкил этилган парламент юқори палатаси - Халқ Маслаҳати раиси лавозимига бир овоздан сайланди.

Бунга қадар у президентликдан ташқари Туркманистон бош вазири лавозимини ҳам эгаллаган эди.

14 апрель куни Туркманистон матбуоти Бердумуҳаммедов “яширин овоз бериш йўли билан мазкур лавозимга сайлангани” ҳақида ёзди.

Халқ Маслаҳатининг биринчи йиғилишида Бердимуҳаммедов шахсан ўзи яна саккизта сенаторни тайинлади. Бу билан сенаторлар сони 56 кишига етди. Қолган 48 сенатор март ойининг охирларида “сайланган” эди.

28 март куни Туркманистонда янги ташкил этилган сенатга биринчи сайловлар бўлиб ўтди. Сайловчилар мамлакат бўйлаб олтита сайлов участкасида овоз беришлари учун бор-йўғи икки соат вақт берилди.

Туркманистон ҳукумати овоз бериш тугаганидан кейин бир неча соат ўтиб, аҳолиси 5,8 миллион мамлакатда сайлов ҳуқуқига эга бўлган сайловчиларнинг 98,7 фоизи овоз берганини иддао қилди.

Чет эллик кузатувчиларга сайлов участкаларини кузатишга изн берилмаган.