Туркманистонга кўчган ўзбекистонликлар туркман фуқаролигини олиш ниятидан воз кечмоқда

Туркман паспорти.

Лебоп вилоятида яшайдиган ўнлаб фуқаролиги бўлмаган шахслар ва чет элликлар Туркманистон фуқаролигини олиш ниятларидан воз кечмоқда. Йиллар давомида Туркманистон фуқароси бўлишга ҳаракат қилган бу одамлар энди сиёсий ва иқтисодий муаммолар туфайли биринчи имкониятдаёқ мамлакатни тарк этишга қарор қилган. Бу ҳақда Озодлик радиоси туркман хизмати хабар берди.

"Туркманобод, Фаробда юзлаб одамлар, асосан Совет Иттифоқи қулаганидан кейин Ўзбекистондан кўчиб келганлар фуқаролик ололмаётганликлари сабабли йиллаб азоб чекаётган эди. Энди эса улар туркман паспортларини олиш ҳақидаги давлат таклифини рад этмоқда", - дейди 90 йилларнинг бошларида Ўзбекистондан кетиб, Туркманистон фуқаросига турмушга чиққан, аммо ҳамон Туркманистон фуқаролигига қабул қилинмаган Патма (исми ўзгартирилган).

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистонда мамлакат фуқаролигини олиш тартиби соддалаштирилган эди.

Фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг фуқароликни олишдан бош тортиши туркман аҳолиси мисли кўрилмаган даражада мамлакатдан ташқарига чиқиб кетишга интилаётган пайтга тўғри келмоқда.

Сўнгги йилларда кўплаб туркман фуқаролари ишлаш ёки ўқиш мақсадида Россия, Украина ва Беларусь каби постсовет давлатларига жўнаб кетишди. Аммо туркман муҳожирларининг асосий қисми Туркияда қолиб кетяпти.

Биргина 2018 йилнинг ўзида 50 мингга яқин туркман фуқароси доимий яшаш учун Туркияга кўчиб ўтди.

Озодлик радиоси туркман хизматининг давлат органларидаги манбалари Туркманистон Давлат статистика қўмитасининг ёпиқ маълумотларига таянган ҳолда, 2008 йилдан 2018 йилгача ушбу мамлакатдан 1,9 миллионга яқин одам кўчиб кетганлиги ҳақида хабар берган эди.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган йили Туркманистон фуқаролиги 2580 кишига берилган.

Туркманистон мамлакатни тарк этган фуқаролар сони бўйича статистик маълумотларни эълон қилмайди.