Туркманистонда 18 ҳарбий ҳалок бўлди. Ҳукумат ўлим тафсилотларини яширмоқда

Ҳалок бўлганларнинг яқинларига аскарлар пойтахт Ашхабод яқинда юз берган автоаварияда ўлгани айтилди.

Туркманистонда номаълум вазиятда 18 ҳарбий, жумладан, камида икки зобит ҳалок бўлди. Ҳалок бўлган ҳарбийлардан 6 нафарининг жасади 18 июль куни ёпиқ тобутларда Лебап вилоятидаги яқинларига топширилди.

Бу маълумотни Озодлик радиоси туркман хизматининг ишончли манбалари тасдиқлади. Бундан ташқари туркман хизмати мухбирлари 19 июль куни Лебап вилоятидаги икки қишлоқда ҳарбийларни дафн этиш маросимида қатнашди.

Жасадларни яқинларига топширган ҳарбийлар ҳалок бўлганларнинг яқинларига аскарлар пойтахт Ашхабод яқинда юз берган автоаварияда ўлганини айтганлар. Бироқ Озодлик радиоси туркман хизматининг ишончли манбалари бу маълумотга ишонмасликларини билдирган. Уларга кўра, ҳалок бўлганларнинг жасадлари Афғонистон билан чегарадош бўлган Мари вилоятидан келтирилган.

Манбалар ҳалок бўлган аскарлар Лебап, Мари ва Дашўғуз вилоятларидан эканини маълум қилди. Туркманистон ҳукумати эса бу борада сукут сақламоқда. Озодлик мухбирларининг расмий маълумот олиш уринишлари самара бермади.

2018 йилнинг июнида Афғонистон-Туркманистон чегарасида содир этилган отишмада 25 туркман ҳарбийси ҳалок бўлган эди.