Туркманистонда «Хизмат кўрсатган итбоқар» ва «Халқ итбоқари» унвонлари таъсис этилди

Туркманистонда Алабай зотли итга олтиндан ўрнатилган ҳайкал.

Туркманистон парламенти «Хизмат кўрсатган итбоқар» ва «Халқ итбоқари» фахрий унвонларини таъсис қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди. Бу ҳақда маҳаллий давлат матбуотига таянган ҳолда Озодлик радиосининг туркман хизмати хабар берди.

Депутатлар унвон жорий қилинишини президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг «миллий тарихий ва маданий меросни сақлаш ва оммалаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари» билан боғладилар.

Президент фахрий ит боқувчиларига тақдим этиладиган эмблемаларни ҳамда Алабай (бўрибосар) итлари иштирокида ўтказиладиган гўзаллик танлови ғолибига бериладиган «Йилнинг жасур туркман Алабайи» медалини шахсан кўриб чиққан.

Бердимуҳамедов Алабайлар ҳақида китоблар ёзган ва ушбу ит зотига шеър ва қўшиқлар бағишлаган. Мамлакат оммавий ахборот воситалари президентнинг «Туркман Алабайи» китоби «халқ ҳаёти ва тақдирида муҳим роль ўйнайди», деган фикрни илгари суриб келади.

2020 йил 10 ноябрь куни Ашхободда Алабайга улкан олтин ҳайкал ўрнатилган.