Туркманистонда қимматчилик. Аҳоли уй жиҳозлари ва буюмларни озиқ-овқатга алишмоқда

Ашхабоддаги бозорлардан бири.

Туркманистоннинг Лебоп вилоятида долларнинг курси қора бозорда бир ҳафта ичида 23 манатдан 25,60 манатга кўтарилди. Туркманистонда долларнинг давлат томонидан белгиланган расмий курси 3,5 манатни ташкил қилади. Шу билан бирга вилоятда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 10-15 фоизга қимматлади.

Озодлик радиоси туркман хизмати мухбирларининг билдиришларича, Мари вилоятида нақд пул етишмовчилиги ортидан аҳоли уйидаги жиҳозлари ва буюмларини озиқ-овқат маҳсулотларига алмаштирмоқда.

Туркманистонда аҳолига ҳукуматга қарашли дўконларда белигланган лимит асосида арзон нархда озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олиш имконияти берилади. Бу маҳсулотларни сотиб олиш учун одамлар тонг саҳардан узундан-узоқ навбатларга турушига мажбур бўлади. Арзон озиқ-овқат навбатда турганларнинг ҳаммасига ҳам етмайди.

Мавзуга алоқадор Ашхободда озиқ-овқат тақчил. Суратга олиб қўйишмасин деб тухумни қоронғида сотишмоқда

Айни пайтда Фароп, Чоржў ва Данев туманларида давлат дўконларида аҳолига арзон нархдаги озиқ-овқат маҳсулотлари сотиш тўхтатилди. Маҳаллий аҳолининг айтишича, кўпчилик буғдой сотиб олиб, уни тегирмондан чиқариб, нон ёпиб кун кечирмоқда.

Озодлик мухбирлари Мари вилоятининг Байрамали туманида кўчаларда юк машиналарида картошка, пиёз ва гурунч сотилаётганига гувоҳ бўлганлар. Аҳоли пул йўқлиги сабабли бу маҳсулотларни уй жиҳозлари ва буюмларга алмаштирмоқда. Мухбирларга кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари асосан адёл, болиш, челак, идиш-товоқ ва полосларга алмаштирилмоқда.

Ашхободда ҳам нон, ёғ, тухум ва бошқа маҳсулотлар тақчиллиги кучайди. Ашхободдаги давлатга қарашли дўконлар олдида навбатда турганлар сони кундан кунга кўпайиб бормоқда.