ФХХ Қримтатар халқ мажлиси раисининг ўринбосарига нисбатан айбловни янада кучайтирди

Қримтатар халқ мажлиси раисининг ўринбосари Наримон Жалол.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати - ФХХ Қримтатар халқ мажлиси раисининг ўринбосари Наримон Жалолга нисбатан айбловни янада кучайтирди.

Сентябрнинг бошларида ФХХ Симферополда қримтатарларнинг уйларида тинтув ўтказган, тинтув ортидан Наримон Жалол дохил беш киши ушланган. Қўлга олинганлар Перевальное қишлоғидаги газ қувурига қасддан шикаст етказганликда айбланмоқда.

Дастлаб унга диверсияни амалга оширишга кўмаклашиш айблови қўйилганди. 13 сентябрда эса ФХХ айбловни биринчи марта ўзгартирган ва уни диверсияни тўлақонли амалга оширишда айблаган эди.

23 сентябрда эса ФХХ айбловни янада кучайтирди. Эндиликда у диверсияни уюшган жиноий гуруҳ таркибида амалга оширишда, шунингдек, портловчи моддаларни ноқонуний сотиб олиш ва сақлашда айбланмоқда. Мазкур айблов асосида Наримон Жалол 20 йилга қамалиши мумкин.

Адвокатларнинг билдиришича, Наримон Жалол ўзига билдирилган айбловни тан олмаяпти ва жиноят иши доирасида ўтказилаётган терговда кўрсатма беришдан бош тортмоқда.

Қримтатарларга қарши репрессиялар 2014 йили яриморол Россия томонидан аннексия қилинганидан кейин бошланган. Қримтатарларнинг кўпи Қримнинг Россияга қўшиб олинишига қарши чиққан эдилар.

Қрим Олий суди 2016 йили қримтатарлари мажлисини экстремистик ташкилот деб топган ва унинг фаолиятини тақиқлаб қўйган.