ХВЖ Туркманистон ҳукумати маълумотларидан фойдаланишдан бош тортди

Ашхабод дўконлари бир ҳил турдаги озиқ-овқат билан тўла.

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ўзининг 2020 йилги Жаҳон иқтисодий ўсиш истиқболлари бўйича расмий ҳисоботида Туркманистон ҳукумати берган расмий маълумотлардан фойдаланишдан бош тортди. Бу ҳақда Озодлик радиосининг туркман хизмати хабар қилди.

Ташкилот ҳисоботида Туркманистонда ялпи ички маҳсулот ўсиши 0,8 фоизни ташкил этгани кўрсатилган. Туркманистон ҳукумати маълумотларига кўра, бу кўрсаткич 5,9 фоизни ташкил этади.

Глазго университети профессори, Марказий Осиё бўйича мутахассис Лука Анчески ХВЖ Туркманистон иқтисодиёти бўйича ўз рақамларини эълон қилганини «бурилиш нуқтаси» деб баҳолади.

Унинг сўзларига кўра, бугунга қадар Халқаро валюта жамғармаси, Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки каби ташкилотлар ўз ҳисоботларида Туркманистон ҳукумати маълумотларига таяниб, мамлакатдаги ҳақиқий ҳолатини акс этмайдиган рақамларни эълон қилиб келади.

Сўнгги бир неча йил давомида Озодлик ва бошқа мустақил нашрлар Туркманистон иқтисодий таназзулга юз тутгани ҳақида хабар бериб келади. Хабарларга кўра, мамлакатда озиқ-овқат тақчиллиги юзага келган, нархлар мунтазам равишда ошиб бормоқда, банкоматлардан нақд пул олишда қийинчиликлар юзага келган.

11 март куни бўлиб ўтган йиғинда авторитар президент Гурбангули Бердимуҳамедов глобал иқтисодиётда беқарорлик юзага келган бўлишига қарамай, Туркманистондаги макроиқтисодий кўрсаткичлар «барқарор» бўлиб қолаётганини таъкидлади.