Хитой космик аппарати Ойдан тупроқ намунаси олишга муваффақ бўлди

"Чанъэ-5" космик аппарати Ой сатҳида.

Хитойнинг "Чанъэ-5" космик аппарати Ой сатҳидан тупроқ намуналарини олиб, очиқ коинотга қайтди. Аппарат коинотда Ерга Ой тупроғи намунаси солинган капсулани олиб қайтадиган кемага уланиши лозим.

Агар бу иш амалга оширилса, Хитой жаҳонда Ойдан тупроқ намунаси олган учинчи давлатга айланади. Бундан аввал бу ишни фақат АҚШ 1969 йилда ва Совет Иттифоқи 1976 йилда амалга оширишга муваффақ бўлган.

Хитой "Чанъэ-5" аппаратини 24 ноябрь куни учирди. “Чанчжэн-5” ракетаси Ойга “Чанъэ-5” аппаратини олиб чиқди.

Хитой коинотга бошқариладиган космик станцияни ва Ойга одамларни чиқариш реажасини олға суриб келмоқда.

2019 йилнинг январида Хитой Ойга юборган станция бортидаги пахта уруғи ўсиб чиққани ва ўсишда давом этаётгани эълон қилинганди.

Ойга пахта уруғини ўша йилнинг январь ойи бошларида Чанъэ-4 станцияси олиб чиққан. Пахта станция бортидаги идиш ичида ўсмоқда.

Тарихда илк маротаба фазода ўсаётган ўсимлик суратларини Чунсин университетининг Мураккаб технологияларни ўрганиш институти эълон қилган эди.