Хитой Қирғизистонга 1500 тонна буғдой жўнатди

Қирғизистонда буғдой нархи ўтган йилга нисбатан 39,3 фоизга қимматлади.

Хитой Қирғизистонга 1500 тонна буғдой ва коронавирусга қарши кураш учун зарур бўлган шахсий гигиена воситаларидан иборат гуманитар ёрдамни жўнатди. Бу ҳақда 9 сентябрь куни Хитойнинг Қирғизистондаги элчиси мамлакат ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев билан учрашуви чоғида маълум қилди.

Расман билдирилишича, Қирғизистонда ёз мавсумида сув етишмовчилиги юзага келган ва бунинг оқибатида буғдой етиштириш кўлами кескин пасайди. Миллий статистика қўмитасининг билдиришича, жорий йилда 2020 йилга нисбатан буғдой ҳосили 45,5 фоизга, арпа ҳосили 55,2 фоизга оз бўлган.

Бунинг оқибатида Қирғизистонда буғдой нархи ўтган йилга нисбатан 39,3 фоизга қимматлади ва айни пайтда 29 сўм 15 тийинни ташкил этмоқда (1 доллар 85 сўм).

Қирғизистон ҳукумати озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Қирғизистонга ун, буғдой ва ем-ҳашак олиб кираётган тадбиркорларни қўшимча нарх солиғидан озод қилди.