Эмомали Раҳмон минтақада террор хавфи кучайиб бораётганидан ташвиш билдирди

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон.

Душанбеда 7 сентябрь куни Тожикистон мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан ҳарбий парад ўтказилди. Расман билдирилишича, парадда 30 минг аскар иштирок этди.

Президент Эмомали Раҳмон парад аввалида сўзлаган нутқида “минтақада ва жаҳонда террорчи, экстремист, радикал ҳаракатлар ва ташкилотлар жонланаётгани ташвишларга сабаб бўлаётгани”ни урғулади. Аммо тожик президенти Афғонистондаги вазият ҳақида оғиз очмади.

25 август куни Покистон ташқи ишлар вазири Маҳмуд Қурайшини Душанбеда қабул қилган Эмомали Раҳмон “Афғонистонда ҳукумат босим кўрсатиш, мамлакатдаги бошқа миллатлар, жумладан, тожиклар иштирокисиз шакллантириладиган бўлса, Тожикистон бу ҳукуматни тан олмаслиги” тўғрисда баёнот берган эди.

Тожикистон 9 сентбярда Мустақиллик кунини нишонлайди. Шу куни Душанбеда 45 минг ўқувчи ва давлат хизматчилари иштирокида тантаналар ўтказилиши режалаштирилган.