Эрдўғон ва Путин Туркия АЭСнинг учинчи реактори қурилишини бошлаб берди

Эрдўғон Путинни «менинг азиз дўстим» деб атаб, АЭС лойиҳасини «Туркия–Россия ҳамкорлиги рамзларидан бири» деб атади.

10 март куни Россия ва Туркия президентлари Туркиядаги илк атом электр станциясининг янги реактори қурилиши бошланишида иштирок этдилар.

Владимир Путин ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон Туркиянинг Мерсин вилоятида қурилаётган Оққудуқ (туркча Аккую) АЭСнинг учинчи блоки бетони ётқизилишини видеоалоқа орқали тўғридан-тўғри томоша қилдилар.

АЭСни Россиянинг «Росатом» давлат атом энергетикаси фирмаси қурмоқда. АЭС тўрт реакторга эга бўлади. Уларнинг биринчисини қуриш 2018 йилда бошланган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 20 миллиард долларга баҳоланмоқда.

Тантанали маросимда Путин ушбу лойиҳа «Россия-Туркия ҳамкорлигини ҳар томонлама яхшилашини» кутишини айтди.

Эрдўғон эса Путинни «менинг азиз дўстим» деб атаб, АЭС лойиҳасини «Туркия–Россия ҳамкорлиги рамзларидан бири» деб атади.