Анқара Украина ҳудудий яҳлитлиги сақланиб қолишининг тарафдори ва Россия Қримни аннексия қилганини тан олмайди. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида сўзлаган нутқи давомида билдирди.
Аввалроқ Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Анқара Россия Давлат Думасига сайловнинг Қримдаги натижаларини тан олмаслигини эълон қилган. Бу билан Туркия Россия томонидан Қримнинг босиб олиниши ноқонуний бўлган деган позициясида собит эканини яна бир карра тасдиқлаган.
Кремль Туркиянинг бу баёнотини “қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат” деб баҳолади. Президент Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Москва Туркия Қрим бўйича позициясини ўзгартиришига умид қилиб қолишини айтди.
Эрдўғон бундан аввал ҳам қатор чиқишларида Туркия ҳеч қачон Қримни Россия ҳудуди сифатида тан олмаслигини таъкидлаган эди.
21 сентябрь куни Эрдўғон БМТ Бош Ассамблеясида иштирок этаётган Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашиб, Қримдаги гуманитар вазиятни ва Россия томонидан турли сохта айбловлар билан қамалган маҳаллий аҳолини, жумладан, қримтатарларни қамоқдан озод қилишга кўмаклашиш масаласини муҳокама қилди.