Эронда коронавирусдан ўлганлар сони 1000 дан ошди

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний

Эронда янги коронавирус келтириб чиқарадиган COVID-19 инфекциясидан ҳалок бўлганлар сони 1135 нафарга етди. Сўнгги 24 соат ичида 147 киши вирус туфайли вафот этди.

Эронда бугунга қадар 16169 киши вирусни юқтиргани айтилмоқда.

Эрон ҳукумати ўз вақтида чора кўрмагани ҳамда бошида эпидемия кўламини яширишга урингани учун танқидга учради.

18 март куни Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ўз ҳукуматига қаратилган танқидларни қоралаб, мамлакат расмийлари Эрон халқига очиқ-ойдин маълумот бериб келаётганини таъкидлади.

Ҳукумат расмийлари билан ўтказилган учрашув давомида президент:

- Одамларга рўйирост маълумот бериб келяпмиз. Кечиктириб чора кўрганимиз йўқ, — деди.

Ҳукумат расмийлари диний етакчиларни зиёратгоҳларни бир неча ҳафтага ёпишга чақирган эди.

Зиёратгоҳлар ниҳоят жорий ҳафтада ёпилди.