ЮНИСEФ: Пандемия сабаб вояга етмаган қизларни эрга бериш кўпайди

ЮНИСЕФ логотипи.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) коронавирус инқирози ортидан юзага келган қийинчиликлар туфайли кейинги ўн йил ичида болалар никоҳлари сони 10 миллионга ошиши мумкинлигини билдирди.

Ташкилотнинг 8 март куни чоп этилган тадқиқотида «пандемия сабабли мактабларнинг ёпилиши, иқтисодий стресс, хизмат кўрсатишдаги узилишлар, ҳомиладорлик ва ота-оналар ўлими энг ожиз қизларнинг болалар никоҳи қурбонига айланиш хавфини оширмоқда» дейилади.

Халқаро хотин-қизлар кунида эълон қилинган ҳисобот «COVID-19: болалар никоҳига қарши курашда эришилган ютуқларга таҳдид» деб номланади.

Ҳисоботда эътироф этилишича, сўнгги 10 йил ичида болалигида турмуш қурган қизлар улуши 25 фоиздан 20 фоизгача камайган, аммо пандемия туфайли эришилган бу ютуқлар чиппакка чиқиши мумкин.

ЮНИСEФ ҳисоботига кўра, пандемия билан боғлиқ чекловлар ва ижтимоий масофа сақлаш тартиблари туфайли қизларнинг тиббий ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиши ҳамда исталмаган ҳомиладорлик ва жинсга асосланган зўравонликдан ўзларини ҳимоя қилиши мушкуллашган. Бундан ташқари, иқтисодий қийинчиликларга дуч келаётган оилалар вояга етмаган қизларини турмушга беришга ошиқиши мумкин.