Германиядан даволанишдан қайтган мухолифатчи Алексей Навальнийнинг 17 январь куни Москванинг “Шереметьево” аэропортида қўлга олинишини халқаро ҳуқуқ ташкилотлари ва ғарб давлатлари ҳукуматлари қоралади.
Жазони ўташ федерал хизмати Германияда заҳарланишдан даволанган Навальнийни шартли қамоқ тартибини бузганликда айбламоқда. Хизмат судга шартли қамоқни реал қамоқ жазосига алмаштириш талаби билан мурожаат қилган.
44 ёшли Навальнийнинг матбуот котиби Кира Ярмиш 18 январь куни мухолифатчи Химки шаҳар полиция бошқармасида сақланаётганини маълум қилди. Қонунга асосан суд икки кун ичида бўлиб ўтиши лозим. Аммо Жазони ўташ федерал хизмати суд 29 январга белгиланганини маълум қилди.
Amnesty International ва Human Rights Watch Алексей Навальний сиёсий мотивлар асосида қамоққа олинганини таъкидлаган ҳолда, Кремлни уни зудликда қамоқдан озод қилишга чақирди.
Европа кенгаши раиси Шарль Мишель Навальнийнинг қўлга олинишини “йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат”, деб атади. Европа Иттифоқи ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель ва Европа халқ партияси раиси Дональд Туск Россия ҳукуматини Навальнийни озод этишга чақирди.
Болтиқбўйи давлатлари ҳукуматлари қўшма баёнот қабул қилиб, Кремль Навальнийни озод этмаса Россияга қарши санкцияларни кучайтиришни таклиф қилди.
АҚШ давлат котиби Майк Помпео ва сайланган президент Жо Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан ҳам Москвани “Навальнийни зудликда ва ҳеч қандай шартларсиз озод қилиш”га чақирди.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков 17 январь куни кечқурун журналистларнинг бу борада берган саволларига Навальнийнинг қамоққа олинишидан бехабар эканини айтди.
Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова эса: “Халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилинг, миллий қонунчиликка даҳл қилманг ва ўз давлатларингиздаги муаммолар билан шуғулланинг”,-деб баёнот берди.
Навальний Россияда заҳарланиб комага тушиб қолганидан сўнг 22 августда Германияга олиб чиқиб кетилган ва ўша ерда даволанган эди. Қатор давлатларда ўтказилган текширувлар натижасида Навальний Россияда ишлаб чиқарилган “Новичок” моддаси билан заҳарлангани тасдиқланган.
Навальний 2014 йилнинг декабрида товламачиликда айбланиб 3,5 йилга шартли равишда қамалган эди. Жазо муддати 2020 йилнинг 30 декабрь куни тугаган.
Мухолифатчи ўзига билдирилган айбловни тан олмай келади. Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди бу ишни ўрганиб, Навальний Россияда адолатли судлов ҳуқуқидан маҳрум этилгани тўғрисида қарор чиқарган.